2019 йил 30 июнь куни Сирдарё вилоятида Бизнес-акселератор ўқув-амалий маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарорга мувофиқ, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги мактабгача ёшдаги болалар учун инновацион технопаркни ҳам ўз ичига олувчи «Бизнес-акселератор» ўқув-амалий маркази ташкил этилди.

Қарор билан марказнинг асосий вазифаларидан этиб қуйидагилар белгиланди:

замонавий ахборот ва инновацион технологиялар бўйича ўқув курсларини ташкил этиш;

ёшларда мустақил тадқиқотчилик ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва уни ривожлантириш, шунингдек, инновацион ишланмаларни рағбатлантириш;

ёш тадбиркорларга ўз бизнесини самарали йўлга қўйиш орқали қўшимча иш ўринларини яратишга кўмаклашиш.

Марказ фаолияти Сирдарё педагогика коллежига қарашли бўлган 1 ва 2-сон талабалар ётоқхонасида ташкил этилади.