Ўзбекистон президентининг бешта ташаббуси бўйича дастурни амалга ошириш жараёнини мувофиқлаштириш мақсадида Дастурларни бошқариш офиси (ДБО) ташкил этилди, дея хабар қилди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директор ўринбосари Саида Мирзиёева ўзининг Facebook-саҳифасида. Унинг асосий мақсади Имплементация стратегиясини ишлаб чиқишдан иборат. Стратегиянинг дастлабки талқини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

Ўзгаришларга тўсиқ бўлаётган муаммолар қаторида жамият маданий ташкилий қисмининг тарқоқлиги, минтақалар бўйича инфратузилмавий таъминлашнинг номутаносиблиги, иқтидорли болаларни эрта қўллаб-қувватлаш тизимининг ривожланмаганлиги кабилар санаб ўтилган.

«Ҳуқуқий-норматив, ташкилий-бошқарув, моддий-техник ва кадрлар билан таъминлаш муаммоларининг ечилмаганлиги ташаббусларни амалга оширишга тўсиқ бўлмоқда ва мамлакатнинг ижтимоий тузилмасида белгиланган устувор йўналишларнинг етарли даражасига эришишга имкон бермаяпти», — дейилади стратегияда.

Стратегиянинг мақсади — фуқароларни ҳар томонлама ривожланган инсон сифатида тарбиялаш имконини берувчи шарт-шароитлар яратиш. Мамлакатдаги мавжуд ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий муҳит фуқароларга қуйидаги имкониятларни яратиши лозимлиги белгиланган:

  • ўз қобилиятлари ва имкониятларини ривожлантира олишлари, лойиҳавий ва жамоавий иш кўникмаларини такомиллаштириш ва шахсий ривожланиш ҳақида мустақил истак ва асосга эга бўлиш;
  • мамлакат ва унинг келажаги олдида масъулиятларини, жамиятда шахсий ролини англаш, мамлакат ва жамият учун фойда келтиришга интилиш, бошқа инсонларнинг шахсий қадриятларини ҳурмат қилиш ва жамиятнинг бошқа аъзолари ҳақида қайғуриш истагида бўлиш;
  • ахборот жамияти ривожланган шароитда ҳаёт жабҳаларининг турли соҳаларида АКТдан фойдаланиш кўникмаларига эга бўлиш;
  • муаммоларни мустақил ҳал қилиш, мустақил фикрлашни ўрганиш ва келгусида янада ривожлантириш;
  • фуқаролик ва демократик қадриятлар мазмунини тўлиқ англаган ҳолда уларга содиқ бўлиш, фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиш;
  • жинсидан қатъи назар касбий малакага эга бўлиш ва уларни ривожлантириш билан фаол турмуш тарзига эга бўлиш.