Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов сўнгги вақтларда мамлакат фуқароларининг нодавлат телеканаллар эфирида намойиш этилаётган хорижий, асосан турк сериалларидан норозилиги ортиб бориши кузатилаётганини маълум қилди.

«Агентликка келиб тушган мурожаатларига кўра, ушбу сериаллар кўп ҳолларда ўзбек халқининг миллий удум ва анъаналарига, шунингдек миллий ўзлигимизга маъно ва мазмун жиҳатдан мос келмайди», — деб ёзди у Facebook-саҳифасида.

Агентликка фуқароларимиздан шу йилнинг фақатгина беш ойида келиб тушган мурожаат ва шикоятлар сони ўтган йил давомида келиб тушган жами мурожаатлар сони билан таққослаганда 5 марта кўпайган.

Бундан ташқари, Комил Алламжонов нодавлат телеканалларда маҳсулот ва хизматлар савдосини кўпайтиришга йўналтирилган, пул ва бошқа кўринишидаги совғалар ўйналадиган кўрсатувлар сони кўпайиб бормоқда.

«Нодавлат телеканаллар кўрсатувлар сеткаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, телеканаллар тизимли равишда Лицензия келишуви талабларини бузиб келишмоқда», — деди Комил Алламжонов.

Юқорида келтирилган ҳолатлар асосли хавотирлар уйғотаётганини таъкидлаган Комил Алламжонов агентлик республика ҳудудида қонун доирасида фаолият олиб бораётган барча — ҳам давлат, ҳам нодавлат оммавий ахборот воситаларига ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

«Шу муносабат билан, Ўзбекистон ахборот бозори субъектларини ўз фаолиятларини амалга оширишда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий амал қилишга чақирмоқчимиз», — дея таъкидлади у.