Тошкент шаҳар прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан Б.К. ва К.К.га (1992 йилда туғилган) нисбатан жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, улар 2019 йил 5 июнь куни соат 19:50 да Миробод тумани, Фарғона йўли кўчасида жойлашган «Осиё бургер» овқатланиш шохобчасининг тураргоҳида бўлиб, И.Ж. (1991 йилда туғилган) билан муқаддам бўлган ўзаро келишмовчилик оқибатида, Б.К. ўзининг бошқарувидаги «Нексия-3» русумли автомашинада И.Ж.ни қасддан уриб юборган.

Сўнг К.К. ўзи билан олиб келган пичоқ билан И.Ж.ни қасддан ўлдиришни ўзига мақсад қилиб, безорилик оқибатида танасининг турли жойларига бир неча маротаба жароҳатларни етказиб, воқеа жойидан яширинганлар.

2019 йил 7 июнь куни Б.К. ва К.К. жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган ва тегишли процессуал тартибда ушланганлар.

2019 йил 8 июнь куни Б.К. ва К.К. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми «л» банди билан айблов эълон қилинган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ушбу жиноятга алоқаси бўлган ва бевосита қатнашган бошқа шахслар тергов-тезкор йўли билан текширилмоқда.

Жиноят иши бўйича тегишли экспертизалари тайинланган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.