Жорий йилнинг 8 июндан 9 июнга ўтар кечаси, тахминан соат 00.45 ларда Самарқанд шаҳрининг Сартепа масканидаги 9 қаватли уйнинг 1-қаватида портлаш содир бўлди, жароҳат олганлар йўқ. Бу ҳақда Zarnews.uz хабар берди.

Ушбу кўп қаватли уй 24-сонли мактабнинг яқинида жойлашган бўлиб, маҳаллий аҳоли томонидан «Титаник» деб аталади.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, воқеа содир бўлган пайтда хонадонда ҳеч ким бўлмаган. Ҳозирги вақтда уй эгаси оиласи билан чет элда. Вақти-вақти билан опаси келиб уйдан хабар олиб турган.

Zarnews.uz сайтига хабар беришларича, ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан ёнғин тезда бартараф этилган.

Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва етказилган моддий зарар аниқланмоқда.