Тошкентнинг Юнусобод туманида уч ўсмирни босиб юбориб, улардан бирининг ўлимига сабаб бўлган 42 ёшли аёл Лариса Т.га Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-модда 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) бўйича айблов эълон қилинди. Бу ҳақда Тошкент ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

6 июнь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди Лариса Т.нинг уч нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ва оилада ягона боқувчи эканини, муқаддам судланмагани, доимий яшаш ва иш жойи борлиги ҳисобга олиб, унга нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг 242−1-моддасига биноан уй қамоғи кўринишидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Айбланувчи учун бирқатор чекловлар ўрнатилди. Жумладан:

  • ҳар қандай шаклда ёзишмаларни олиш ва жўнатиш (пенсия ва ижтимоий таъминот билан боғлиқ хатлар, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, солиқ ва бошқа коммунал хизматлар тўловлари, шунингдек, суриштирув, тергов ва суд органлари билан ёзишмалар);
  • ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиш ва улар ёрдамида музокаралар олиб бориш. Тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш ва бошқа махсус хизматлар, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари (Жиноят-процессуал кодексининг 242−1-моддаси бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ҳар қандай чақирув тўғрисида яшаш жойидаги ички ишлар идорасини хабардор этиши зарур) билан фавқулодда алоқа зарурияти пайдо бўлган ҳоллар, шунингдек адвокатлар, қонуний вакиллар ва уй қамоғида ушлаб туриш юклатилган ички ишлар органининг вакили билан музокаралар бундан мустасно;
  • айбланувчи фақатгина ишга бориш учун уй қамоғида ушлаб туриш учун масъул бўлган органни мажбурий равишда огоҳлантирган ҳолда уй-жойни 8:00дан 19:00гача тарк этиши мумкин (истисно: озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа керакли нарсаларни сотиб олиш, коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш тўғрисида яшаш жойи бўйича ички ишлар органларини огоҳлантиришга мажбур).