4 июнь куни тахминан 18:30 да Тошкентнинг Юнусобод тумани 11-мавзесида Т.Л. бошқарувидаги Nexia-3 автомобили 12 ёшли ўсмирлар А.Г., С.И. ва С.Яни босиб юборди, дея хабар қилди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

Автомобилни бошқарган 42 ёшли аёлнинг сўзларига кўра, у тўхташ ва тезлик тепкиларини адаштириб юборган. Ўсмирлар квартал ичидаги йўл ёқасида бўлган, дейилади хабарда.

ЙТҲ натижасида А.Г. ҳодиса жойида ҳаётдан кўз юмди. С.И. тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди. Шифокорлар боланинг аҳволи барқарор эканини маълум қилди. С.Я эса амбулатор текширувдан сўнг уйга рухсат берилди.

ИИББ ЙҲХБ бошлиғи Рафиқжон Жалилов, ИИББ бошлиғи ўринбосари — тергов бошқармаси бошлиғи полковник Зафар Алимов ва Юнусобод туман ИИБ ИИФМБ 5-бўлими бошлиғи капитан Дилшод Деҳқонбоев ҳодиса жойига етиб борди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, ҳайдовчи ҳодиса жойидан яширинган. ИИББ эса ҳайдовчи аёл ҳодиса жойида бўлгани ва тергов тадбирларининг ўз вақтида олиб борилишида кўмаклашганини маълум қилди.

Мазкур ҳолат бўйича Юнусобод туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлса) бўйича жиноий иш қўзғатилди.