7 июнга ўтар кечаси Амир Темур шоҳ кўчасида дренаж қувурларини алмаштириш бўйича техник ишлар бошланади. Бу ҳақда Тошкент ҳокимияти матбуот хизмати хабар қилди.

6 июнь куни Амир Темур шоҳ кўчасининг «Toshkentland» боғидан Radisson меҳмонхонасигача бўлган қисмидаги дренаж қувурлари янгиланиши режалаштирилган. Шу муносабат билан йўлнинг мазкур қисми 6 июнь куни кечки соат 23:00дан 7 июнь тонгги соат 6.00 гача бўлган вақт давомида ёпилади.

Ҳокимият матбуот хизматидан «Газета.uz"га изоҳ берилишича, штказувчанликни ошириш мақсадида диаметри 300 мм бўлган қувурлар 600−800 мм бўлган катта диаметрли қувурларга алмаштириш режалаштирилган. Бундан ташқари, сув оқимлари учун зарур жойларга махсус чуқурчалар қилинмоқда.

Ўзгидромет маълумотларига кўра, 6 июнь куни Тошкентда ҳаво ўзгариб туради, вақти-вақти билан ёмғир ёғиши мумкин, жала эҳтимоли бор. Ғарбий шамол 5−10 м/с тезликда эсиб, жала вақти 15−20 м/с га қадар кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кундузи +28…+30, кечаси — +15…+17 даража атрофида бўлади.

Пойтахт ҳокимияти жала вақтида дарахтлар остида юрмаслик ва улар остига машиналарни қолдирмасликка чақирмоқда. Ёғингарчиликлар натижасида катта миқдорда сув тўпланган ҳолатлар аниқланса, 1050, 1055 телефон рақамларига қўнғироқ қилиш мумкин.