Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев душанба куни Тошкент вилоятида Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлар бўлаётган ҳудудлардаги ўзбекистонликларнинг Ватанга олиб келиниши бўйича «Меҳр» орперациясига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

«Мана, 156 нафар юртдошимизни Яқин Шарқда уруш бўлаётган жойдан олиб келдик, — деди президент. — Хўш, улар нима учун кетган? Аҳволимиз хароб бўлгани учун, шароит бўлмагани учун кетган. Лекин у ерда нима бўлди? Хотин-қизларимизни сотишди, бешта бола бешта отадан, 14 ёшли қиз туққан. Шу ҳолат бизга ярашадими?»

«Уларни Ватанга олиб келиш жуда қийин бўлди. Қанча давлатлар билан гаплашдик. Самолётни у ёққа қўндириш, террористларнинг қўлидан олиб чиқиш осон эмас. Лекин қайтардик — нима бўлгандаям улар бизнинг ватандошимиз», — дея давом эттирди Шавкат Мирзиёев.

«Энди нима қилиш керак? Нуронийлар, жамоатчилик қаёққа қараяпти? Ким буни тушунтиради? Бундай нарсалар ҳаммамизни ўйлантириши, қийнаши керак», — деди президент.

30 май куни 156 нафар Ўзбекистон фуқароси, жумладан 48 нафар аёл, 106 бола ва 1 эркак махсус рейс билан Дамашқдан (Сурия) Тошкентга олиб келинди. Улар айни вақтда санаторияларга жойлаштирилган, барчасига реабилитация ва реинтеграция учун ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, уларга тиббий ёрдам ва руҳий кўмак кўрсатилмоқда. Таълимий ва бошқа ижтимоий дастурларга жалб этилиб, ишга жойлашишга кўмаклашилади.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоеванинг аввалроқ «Газета.uz"га маълум қилганидек, аёллар ва болаларни Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашув зоналаридан қайтариб олиб келиш ишлари давом эттирилади.