Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати. Улар 30 май куни махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди. Мазкур инсонпарварлик операцияси «Меҳр» деб номланди.

«Алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади», — дейилади хабарда

Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилади, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилади.