Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Марказий Осиё давлатлари интеграцияси учун Чимкент-Тошкент-Хўжанд янги иқтисодий йўлагини очишни таклиф қилди, дея хабар берди ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

Ташаббус 30 май куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури семинарида тилга олинди.

«Чимкент-Тошкент-Хўжанд шаҳарлари ҳамда Туркистон (Қозоғистон — таҳр.), Тошкент ва Сўғд (Тожикистон) вилоятлари дастур доирасидаги энг мақбул иқтисодий йўлак сифатида кўрилмоқда», — дейилади хабарда.

Банк маълумотларига кўра, ушбу вилоятларда Марказий Осиё аҳолисининг 15 фоизи истиқомат қилади, шунингдек, улар халқаро бозорлар билан стратегик жиҳатдан боғлиқ. Жумладан, Чимкент Европа-Шарқий Осиё ва Россия-Яқин Шарқ халқаро чорраҳасида жойлашган бўлса, Тошкент ва Хўжанд сайёҳлик марказлари ҳисобланади.

«Учта шаҳар ва чегарадош вилоятлар айниқса қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида бир-бирини тўлдирувчи иқтисодий даражага эга», — дейилади хабарда. Учта мамлакат ўртасидаги яқин алоқалар туфайли улар ўртасида енгил трансчегаравий мобил ишчи кучлари мавжуд.

Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури Афғонистон, Мўғилистон, Озарбайжон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонни бирлаштиради. Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси ва Осиё тараққиёт банки каби олтита йирик молия институти унинг фаолиятини қўллаб-қувватлайди.