Абдугафаров Илхомжон Абдухалилович Ўзбекистон Марказий банки раисининг ўринбосари этиб тайинланди. 27 май куни президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақдаги фармонни имзолади, дея хабар қилди МБ матбуот хизмати.

Тайинловга қадар у Марказий банкнинг тўлов тизимлари ва ахборот технологиялари департаменти директори лавозимида ишлаб келган.

Илҳомжон Абдугафаров (1973 й. т.) — Тошкент Давлат университети (1995), Ўзбекистон Фанлар академияси Кибернетика институти аспирантурасини (2000) тамомлаган. Амалий математика мутахассислигига эга. Шунингдек техника фанлар номзоди ҳисобланади.

Аввалроқ МБ раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Тимур Ишметовнинг молия вазирига биринчи ўринбосар этиб тайинлангани маълум бўлган эди. Марказий банк раисига эса бунга қадар МБ раҳбари ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатган Илҳом Норқулов биринчи ўринбосар бўлди.