Жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман судида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу суд мажлисида тақиқланган диний мавзудаги материалларни тарқатган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди.Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман суди раиси Жамолбек Жуманиёзов «Газета.uz"га маълум қилди.

Воқеа тафсилотларига кўра, судланувчи А. Асқаров (исм-шарифлар ўзгартирилган), 2018 йилнинг июнь-июль ойлари давомида Бухоро вилояти Шофиркон туман «Бобур» махалла фуқаролари йиғинининг «Пулбанди» қишлоғидаги яшаш уйида ўзига тегишли бўлган «SAMSUNG GALAXY S4» русумли уяли алоқа телефони орқали ўзининг телефонига телеграм мессенжеридаги аккаунтига «Бобур» номи билан уланган.

Сўнгра «Жиҳодчилар» диний экстремистик ташкилоти томонидан тайёрланган Абдували қори Мирзаевнинг «Анфол» сурасининг тафсири, «Бадр» жанги, ислом шариати, намоз, ахлоқ-одоб ва ширк амаллари тўғрисидаги маърузалари, шунингдек ноъмалум шахс томонидан улар фаолият олиб бораётган ерларга келиш, кофирлар фақат жузя тўлаш орқали хаёт кечиришлари, уларнинг байроқларини баланд қилиш каби мавзуда куйланган қўшиқларни «Google» тармоғи орқали юклаб олиб, уларни эшитиб, ўзининг уяли алоқа телефонида келгусида тарқатиш мақсадини кўзлаб сақлаб келган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги 10-сонли қарори билан тасдиқлангани, «Ўзбекистон Республикаси худудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 18-банди талабларига зид равишда, 1992 йилда Шофиркон туманида туғилган фуқаро А. О. нинг телефон рақамига «А. О.» номи билан очилган телеграм мессенжеридаги аккаунтига ушбу маърузаларни тарқатган.

Шундан сўнг, А. О. Фуқаро А. Асқаровнинг юқоридаги ноқонуний ҳаракатлари юзасидан унга қонуний чора сўраб, 2018 йил 20 июлда ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. А. Асқаров билан телеграм мессенжерининг аккаунтидаги ёзишмалари мавжуд бўлган «SAMSUNG Duos» русумли уяли алоқа телефонини тақдим этиб, шу асосда А. О. ва А. Асқаровлар ўртасида телеграм мессенжери орқали олиб борилган ёзишмалар мутахассис ёрдамида СD-R компакт дискга кўчирилиб, экспертизага тақдим этилган.

Суд юқоридаги жиноятчиларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2441-моддаси 3-қисмининг «г» бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва уларга юқоридаги модда санцияси бўйича жазо тайинлади.