19 май куни тахминан соат 18.00да Қозоғистоннинг Манғистау вилояти «Бейнеу-Тажен» автомагистралининг 82-километрида ичида 7 та одам, жумладан 4 нафар Ўзбекистон фуқароси жойлашган «Лада Ларгус» енгил автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси маълумотига таяниб.

ЙТҲ оқибатида воқеа жойида Туркия фуқароси вафот этди, қолганлар Бейнеу туман касалхонасига жойлаштирилди. Айни пайтда Ўзбекистон фуқароси Аширов Бобомурад Базарбаевич (1991 й.да туғилган) мазкур тиббий муассасанинг жонлантириш бўлимида қолмоқда. Қолган жароҳатланганларга, жумладан Ўзбекистон фуқаролари Аширов Дурдимурад Базарбаевич (1990) Шавхумов Каримбай Юлдашевич (1980) ва Гошаров Хайитмурад Атажановичга (1984) касалхонадан рухсат берилди.

Бейнеу тумани полиция бўлими томонидан мазкур масала ўрганилмоқда.

Жароҳатланган фуқароларга амалий кўмак бериш, жумладан Б.Ашировга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун элчихона Манғистау вилояти ва Бейнеу тумани маъмурияти билан алоқа ўрнатди. Айни пайтда фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича чоралар кўрилмоқда.