Қуролли Кучлар Бош штаби томонидан Термиз гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмларда бўлинмаларнинг жанговор тайёргарлиги тўсатдан текшириш бўйича инспекторлик машғулотлари бошланди.Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

14 май куни эрталабки саҳарда берилган «Тревога» сигналидан сўнг, гарнизонда жойлашган ҳарбий қисм ва муассасалар юқори жанговор шайлик ҳолатларига келтирилди.

Машғулотларнинг дастлабки босқичида гарнизон ҳудудидаги ҳарбий объектларни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш режими кучайтирилиб, бўлинмаларнинг ҳарбий техникаларда «Термиз» полигонига чиқиб кетиши таъминланди.

Полигонга чиққан бўлинмалар мобил бошқарув пунктларини ёйиб, ишга тушурди. Текширув давомида ҳарбий хизматчиларнинг тактик тайёргарлиги, топография, махсус тайёргарлик, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш ва бошқа фанлар бўйича билимлари синовдан ўтказилиши бошланди.

Бир неча кун давом этадиган тўсатдан текширувни ўтказишдан мақсад батальон тактик гуруҳларининг жанговор шайлиги, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалардан унумли фойдаланиш бўйича амалий кўникмалари синалади.

Тўсатдан текширув давом этмоқда.