Атом энергетикаси халқаро агентлиги (МАГАТЭ) Ўзбекистон ҳукуматининг республикада атом электр станциясини (АЭС) қуришда Россия нормативларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлади, дея хабар қилди «Ўзатом» агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов.

«Лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш мақсадида Россия Федерацияси меъёр ва ҳуқуқларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди, бошловчи мамлакат сифатида етказиб берувчи давлатнинг техник меъёрлари ва қоидаларидан фойдаланиш МАГАТЭ экспертлари томонидан қўллаб-қувватланди», — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов Тошкентда бўлиб ўтган Power Uzbekistan халқаро кўргазмаси чоғида.

«Ўзатом» раҳбари Ўзбекистон ўзининг меъёр ва қоидалар норматив базаларини, жумладан «Тинч мақсадларда атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисида"ги қонунни ишлаб чиқишни бошлаганини қайд этиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишдан ўтди.

Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳозирда 100 нафар талабани Москва муҳандислик-физика институти (МИФИ) Тошкент филиалига қабул қилишга таёргарлик кетаётганини хабар қилди. У ёшларни кириш имтиҳонида фаол иштирок этишга чақириб, синовлар физика, математика ва рус тилидан бўлиб ўтишини таъкидлади. Бошқа қабул шартлари яқин вақтларда эълон қилинади.

«МИФИ филиалиалининг барча битирувчилари агентлигимизга қабул қилинади, атом энергетикасида 60−85 йилга кафолатланган яхши истиқболли иш мавжуд», — деди «Ўзатом» раҳбари.

Агентлик бош директори йил охирига қадар «Росатом» давлат корпорацияси билан «калити билан топшириш» усулида АЭС қурилиши бўйича EPC-шартномаси тузилишини маълум қилди.