Тошкент шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган «Инвестор куни"да 24 нафар тадбиркорга 2,1 трлн. сўмлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қарорлар топширилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Инвестиция бугунги тараққиёт ва фаровон келажак учун муҳим сармоядир. Иқтисодиётнинг ўсиши, янги иш ўринларининг ташкил этилиши, халқнинг турмуш даражаси ошишида турли соҳаларга киритиладиган инвестицияларнинг аҳамияти катта.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида ҳар чоршанба куни ўтказилаётган «Инвестор куни"да пойтахт истиқболига хизмат қиладиган лойиҳалар кўриб чиқилмоқда.

8 май куни бўлиб ўтган тадбирда республика ишчи гуруҳи томонидан маъқулланган 46 нафар тадбиркор саноат корхоналарини очиш, янги турар жой ва хизмат кўрсатиш муассасаларини барпо этишга оид лойиҳалари билан иштирок этди.

Тадбир якунлари бўйича 46 нафар тадбиркорнинг 24 нафарига умумий қиймати 2,1 трлн. сўмлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорлари топширилди. Шундан 88,5 млн. АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий сармоядир.

Шунингдек, тадбирда умумий қиймати 375,3 млрд. сўм бўлган 22 та лойиҳалар юзасидан ваколатли ташкилотлар билан келишув жараёни бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу тадбирда барча инвесторлар ва хорижий ҳамкорларни фаол иштирок этишга таклиф этади. Тадбирда иштирок этиш учун ўз бизнес лойиҳангизни tashinvest.uz сайтига жойлаштиришингиз мумкин, дейилади хабарда.