Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун анкета шаклини тасдиқлаш ҳақидаги буйруқ лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди.

Таклиф этилаётган шакл соддалаштирилган ва бир саҳифадаги 11 банддан таркиб топган. Анкета эндиликда яшаш жойи ёки маҳалла қўмитаси (ишламайдиганлар учун) томонидан тасдиқланиши шарт эмас. Уни маълумотларни йиғиш шохобчаси ходими тўлдиради.

Анкетада фамилия, исм ва отасининг исм, жинс, туғилган сана ва жой, телефон рақами ва электрон почта манзили, Ўзбекистон фуқароси паспорти тўғрисидаги маълумотлар, сўнгги беш йилда иш (ўқиш, хизмат) даврида давлат сирига тааллуқли маълумотлар билан танишиш учун расман рухсатнома расмийлаштирилгани тўғрисидаги маълумотлар ва турмуш ўртоғи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Шунингдек, 16 ёшга тўлмаган болалар учун хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш учун алоҳида анкета шакли ҳам таклиф этилмоқда.

Ўзбекистонда 1 январдан аввалги амал қилиш муддати икки йил бўлган хорижга чиқишга рухсат берувчи қайд ўрнига хорижга чиқиш паспорти жорий этилди.