Божхоначилар томонидан уяли телефонларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб кириш ҳолатига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплексининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан, аэропорт автотураргоҳида «Деҳли-Тошкент» йўналиши бўйича учиб келган йўловчилардан телефонларни йиғиб олаётган фуқаро Т.А. ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Маълум бўлишича, ушбу шахс божхона тўловларидан қочиш мақсадида Деҳли аэропортида умумий қиймати 39 миллион сўмлик 26 дона «Redmi 6 Pro» уяли алоқа воситаларини Тошкент аэропортида йиғиб олиш илтимоси билан тарқатиб, мамлакатимизга ноқонуний равишда олиб кирмоқчи бўлганлиги аниқланди. Аммо унинг бу режаси амалга ошмади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.