Тошкент ИИББ Юнусобод туманидаги 23-меҳрибонлик уйининг 15 ёшли тарбияланувчиси Р. С.нинг дўппосланиши юзасидан изоҳ берди. Болага тан жароҳати етказилгани тўғрисидаги маълумот аввалроқ Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган эди.

ИИББ маълумотига кўра, Тошкент прокуратураси 30 март куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатган. 7 апрель куни иш келгусида тергов қилиниши учун Юнусобод туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига тақдим этилган. Тергов давом эттирилмоқда.

Суд-тиббий экспертиза маълумотларига кўра, болада енгил тан жароҳати аниқланган. Болалар уйи тарбиячиларидан бири уни дўппослаганликда гумон қилинмоқда.

Ҳозирда ўсмир Тошкент ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида психологлар ва тарбиячилар назорати остида, дея қайд этди матбуот хизмати.