Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташаббуси билан май ойи Ўзбекистонда спорт ойлиги деб эълон қилинди. Бугун МОҚ қўл урган ушбу янги лойиҳага старт берилди. Ойлик «Биз соғлом турмуш тарафдоримиз» шиори остида ўтказилади.

Бундай спорт ойлигини эълон қилиш, аввало, оммавий спорт билан шуғулланувчи қатламни ошириш ва ҳар бир фуқарони соғлом турмуш тазрига жалб қилишдир. Тадбирда сўзга чиққан МОҚ бош котиби Жасур Матчанов шу ҳақда фикр билдирди.

Мазкур ойлик мураккаб спорт турларини қамраб олмаган. Унда асосан баскетбол, футбол, волейбол, гандбол каби ўйин спорт турларини учратиш мумкин. Режада мактабгача таълим муассасалари, мактаб ва олий ўқув юрти вакиллари учун алоҳида дастур ишлаб чиқилган. Мактабгача таълим ва кичик ёшдаги ўқувчилар учун «Қувноқ стартлар» спорт ўйини жорий қилинган.

Спорт ойлиги 31 майга қадар давом этади. Унда Ўзбекистоннинг барча туман ва шаҳарлари бўйича кўплаб оммавий мусобақалар ташкил қилиш режалаштирилган бўлиб, якунда республика босқичи бўйича ғолиб ва совриндорларни аниқлаб олиш режалаштирилган.