Ўзбекистон Монополияга қарши кураш қўмитаси «Сувсоз» сув таъминоти корхонасининг Тошкентда сув тарифлари оширилиши тўғрисидаги эълонида «Табиий монополиялар тўғрисида"ги қонун талаблари бузилганини маълум қилди.

Аввалроқ «Газета.uz» 25 апрель куни «Сувсоз» ўз сайтида Тошкент ҳокимининг 2 апрелдаги қарорини илова қилган ҳолда 24 апрелдан ичимлик суви ва канализация тарифлари оширилиши тўғрисида эълон берганини ёзган эди.

Антимонополия қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, «Сувсоз» томонидан Тошкент шаҳрида ичимлик суви ва канализация хизмати тарифларига махсус устама ҳақ миқдорини белгилаш бўйича ўз веб-сайти орқали 25 апрелда истеъмолчиларга эълон берилган. Шуни инобатга олиб, амалга киритиладиган янги нарх (тариф, махсус устама)ларни мазкур эълон берилган санадан ўн беш кундан кейин, яъни 10 майидан амалга киритилиши лозимлиги тўғрисида қўмита «Сувсоз"га тегишли кўрсатма берилган.

Қўмита кўрсатмаси «Сувсоз» ДУК томонидан бажарилмаган тақдирида, корхонага нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар қўлланилиши билдирилади, дейилади хабарда.

«Сувсоз» махсус устама нархлари юзасидан оммавий ахборот воситаларида эълон берилмай, «Тошкент оқшоми» газетасининг 9 апрелдаги сонида Тошкент ҳокимлигининг 2 апрелдаги «Тошкент шаҳрида ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ миқдорини белгилаш тўғрисида"ги қарори чоп этилганини корхона томонидан эълон берилган деб ҳисобланилган. Бироқ Антимонополия қўмитаси махсус устама ҳақининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ҳужжатнинг эълон қилиниши тарифлар оширилиши тўғрисидаги эълон деб ҳисобланмаслигини маълум қилди.

Қонунга мувофиқ, табиий монополия субъектлари янги нарх (тариф)лар табиий монополия субъектлари томонидан улар кучга киришидан камида ўн беш кун аввал оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши лозим.