Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолик мажбурий ҳисобланса ҳам, Ўзбекистон фермерлари аъзоликка мажбурланаётгани йўқ. Бу ҳақда жума куни халқаро пресс-клуб мажлисида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Тешаев маълум қилди.

4 апрелда фермер ва деҳқон хўжаликлари тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартишларда Фермер ва деҳқон хўжаликлари кенгашига аъзолик мажбурий этиб белгиланган эди. Ҳозирда кенгаш аъзолигидан чиқишда ер участкасига эгалик ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам бекор қилинади.

Мазкур мажбурият «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги қонуннинг 18-моддасига зид ҳисобланади:

«Расмий ҳужжатларда у ёки бу нодавлат нотижорат ташкилотига аъзолик ёки унинг фаолиятидаги иштирокнинг кўрсатилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

У «Жамоат бирлашмалари тўғрисида"ги қонуннинг 1- ҳамда Конституциянинг 34-моддаларини ҳам бузади.

«Газета.uz» мухбирининг нима учун аъзолик мажбурий бўлгани ва қонунчилик бузилгани тўғрисидаги саволига жавоб берар экан, Шуҳрат Тешаев кенгаш аъзолари учун жорий этилаётган хизматлар тўғрисида сўзлаб берди.

«Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида ушбу йўналишда химатлар ишлаб чиқилган… Кенгаш ҳозирда уруғлар, ёқилғи, ўғит [етказиб бериш тизимини], шунингдек маҳаллаларда олимлар тажрибасини жорий этмоқда. Иккинчидан, уларнинг ўз жамғармаси бор, ундан, жумладан кам таъминланганларга 8 фоиз ставкали имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Томорқа участкаларида иссиқхона қурилиши йўлга қўйилди, паррандачилик ва чорвачилик ривожлантирилмоқда», — деди у.

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари такроран берилган саволга аъзолик мажбурий бўлганда ҳам фермерларни ҳеч ким мажбурлаётгани йўқлигини маълум қилди.

«Қарорда ҳатто „мажбурий“ сўзи кўрсатилган бўлса ҳам, ҳеч ким мажбурлаётгани ва: „Аъзо бўлмасанг ерни топшир“, деяётгани йўқ, бундай ҳолат ҳали бўлмади. Фермерларнинг ўзлари бевосита кенгаш билан ишламоқда, унга аъзо бўлмоқда, ҳеч ким мажбурлаётгани йўқ. Агар сизда мисоллар бўлса кўриб чиқишимиз мумкин», — деди Шуҳрат Тешаев.