Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов 22 апрель куни Фрира галереяси ва Саклер Смитсон институти директори Чейз Робинсон билан учрашди, дея хабар қилди мамлакат ТИВ матбуот хизмати.

Смитсон институти делегацияси 24 апрелдан 2 майга қадар Ўзбекистонда бўлади. Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мазкур ташриф ташаббускори ҳисобланади. Жамғарма ва Смитсон институти 2018 йилда ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаган эди.

Америкалик олимларнинг ўзбек ҳамкасблари билан учрашувлар ва музокаралар ўтказиши, Давлат санъат музейи, Давлат амалий санъат музейи, Нукусдаги Игорь Савицкий музейи ҳамда Ойбек ёдгорлик уй-музейи коллекцияларини ўрганиши режалаштирилган.

Улар маҳаллий экспертлар ҳамда музей иши ва санъат соҳаси мутахассислари иштирокида семинар-тренинглар ва давра суҳбатлари ўтказади.

Бундан ташқари, май ойида Смитсон институти сайтида эрамиздан аввалги III-II асрлардан эрамизгача даврларда Марказий Осиё ҳудудида мавжуд бўлган қадимий Сўғдиёна давлати халқлари тарихи ва маданияти, анъана ва урф-одатларига бағишланган The Sogdians мавзули бўлим очилади.