Зарбдор туманида узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган оғир муаммоларни бартараф этиш учун ҳозирги кунда кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Биринчи навбатда, туман марказининг замонавий шаҳарсозлик ва архитектура талабларига жавоб берадиган бош лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бунда янги уй-жойлар барпо этиш, мавжудларини таъмирлаш, бугунги тараққиёт даражасига монанд ижтимоий соҳа объектлари, йўллар ва пиёдалар йўлаклари, аҳолига хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканлари тармоқларини юзага келтириш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш билан боғлиқ катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишларига киришилган.

Туман марказидаги шоҳ кўча — Мустақиллик кўчаси қурилиш майдонига айланган. Лойиҳа асосида бу кўча кенгайтирилмоқда. Йўл бўйидаги ўз умрини яшаб бўлган эски турар-жойлар, савдо нуқталари олиб ташланиб, йиғилиб қолган чиқиндилар ҳудудда олиб чиқиб кетилмоқда. Мазкур кўча ҳамда марказдаги кўп қаватли уйлар атрофида ҳеч қандай режасиз қуриб ташланган қурилмалар бартараф этилиб, ҳудуд тўлиқ тозаланди. Яна бир неча ойдан кейин Мустақиллик кўчасининг икки томонида замонавий савдо марказлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари пайдо бўлади.

Шулар қаторида кўча бўйида Ўзбекистон давлат байроғи мажмуаси, Хотира майдони, 3 та 4 қаватли уй, давлат хизматлари маркази ҳамда бошқа бир қатор маъмурий бинолар, банк-молия муассасалари қад ростлайди. Ҳозир мазкур объектларда тупроқ ишлари якунига етказилиб, пойдевор қуйиш юмушлари давом этмоқда.

Мустақиллик, Тинчлик ва Ойбек маҳаллаларидаги 50 дан зиёд кўпқаватли уйлар таъмирталаб аҳволга келиб қолган, деярли ҳар бир уй атрофида ноқонуний қурилмаларни учратиш мумкин эди. «Обод маҳалла» дастури асосида архитектура талабларига зид ҳолда қурилган бундай биноларни бартараф қилишга зарур ишчи кучи ва техника воситалари жалб этилган. Айни пайтда уйлар томи ва фасади янгиланиб, дераза ромлар алмаштириляпти. Уйларга кириш йўлакларини бетонлаш, янги эшиклар ўрнатиш ишлари бажарилмоқда, намунавий лойиҳалар бўйича тандир ва ўчоқхоналар, болалар майдончалари барпо этилмоқда. Уйлар орасида йўлаклар ётқизиш, кўкаламзорлаштириш ишлари қизғин олиб борилмоқда.

Ҳудудда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида янги тармоқни тортиш, мавжуд қувурларни реконструкция қилиш, янги қудуқлар барпо этиш ва мавжудларини таъмирлаш белгиланган.

Давлат-хусусий шериклик тамойили асосида 4 та мактабгача таълим муассасаси барпо этилади, тиббиёт бирлашмаси, 1-сонли болалар боғчаси каби бир қатор ижтимоий муассасалар бинолари янги кўринишга эга бўлади.

Бош режага мувофиқ, туман марказидан ўтувчи «Жиззах-Қўқон» автомобиль йўли бўйидаги эски истироҳат боғи ўрнида янги «Умид» болалар истироҳат боғи бунёд этиляпти.

Эски Бўстон аҳоли масканида 500 иш ўрнига эга бўладиган тикувчилик корхонаси қурилиши олиб бориляпти. Мазкур корхонада асосан шу ерда яшовчи, ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаролар иш билан банд бўлади. Тумандаги хотин-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси энг юқори бўлган Шарқ юлдузи, Тараққиёт, Янгикент, Оқар қишлоқларида Мирзачўл тажрибаси асосида 250 иш ўрнига эга бўлган 4 та тикувчилик цехи ташкил этилади.