Қорақалпоғистоннинг жанубий туманларидан бирида яшовчи Б.Э. ва О.М. балоғат ёшига етмаган қизни ароқ ичириб, ўзини ҳимоя қила олмайдиган ҳолга туширлагн ҳолда зўрлагани боис жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим катта прокурори Альфия Бисенованинг «Ҳуқуқ» газетасида эълон қилинган мақоласида сўз боради.

1993 йилда туғилган Б.Э. бундан уч йил олдин баданга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятга қўл урган, аммо суднинг ажримига кўра унинг айблилик масаласи тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатилганди.

Б.Э. оиласидан ажрашган Д.Ҳ. билан танишиб қолади. Улар пинҳона учрашувларни бошлаб юборишади. Б.Э. бу пайтларда ўзига олдиндан таниш бўлган, ҳали балоғат ёшига етмаган қиз билан ҳам муносабатда бўлиб келган.

Б.Э. танишлари О.М., О.Ҳ. ва Ш. И. билан туман ҳудудида жойлашган кафеларнинг биридан маст ҳолатда чиқади ва ўтиришни давом эттириш мақсадида О.Ҳайитовнинг бўш турган уйига боришади. Ичкиликбозлик бу ерда ҳам давом этиб, ўтириш қизийди.

Орадан бироз вақт ўтгач, Б. маст ҳолатида бу уйга вояга етмаган танишини ҳам олиб келади. Ҳали балоғат ёшига етмаган, унинг устига, бундай тартибсиз ўтиришларда иштирок этиб кўрмаган қиз ўзини ноқулай сезади. Айниқса, унинг қўлига ароқ тўла пиёла тутқазилганида, у дастурхон атрофидагиларга ўзининг ароқ ичиб кўрмаганлигини ва умуман, ичишни хоҳламаслигини айтади. Лекин, у «ичмайман» деб қанча ҳаракат қилмасин, барибир, атрофдагиларнинг қистови билан ичишга мажбур бўлади.

Мана шундай қистов остида уч-тўрт пиёла ароқ ичган қиз маст бўлиб қолади. Ёшлигидан фойдаланган ҳолда бошини айлантириб юрган қизининг ана шундай ҳолатга тушишини пойлаб ўтирган Б. унинг ёнига боради ва гўёки, ёрдам бермоқчи бўлгандек, уни уйнинг алоҳида хонасига етаклайди…

Б. синглиси тенги қизнинг номусини булғаб, дастурхон атрофига келганидан сўнг ичкиликбозлик яна давом этади. Энди бу хонага маст ҳолатда бўлган О.М. ҳам киришга қарор қилади ва қизнинг ожизлигидан, яъни ўзини ҳимоя қилиш имкониятига эга эмаслигидан фойдаланади…

Икки йигит томонидан оғир жиноят содир этилаётган пайтда қизнинг ота-онаси хавотирланиб, ички ишлар бўлимига мурожаат қилган ва у қидирилаётганди. Қилғиликни қилиб, бир қизнинг номусини булғаган жиноятчилар эса жиноий жавобгарликдан қутулиш мақсадида турли найрангларни ишга солиш билан овора эди. Лекин, уларнинг ўйлаб топган найранглари, табиийки, иш бермаслиги кундек равшан эди. Жиноятчилар шу куннинг ўзидаёқ қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Суд ишни холисона ва ҳар томонлама ўрганиб чиқди. Одил суднинг ҳукмига биноан, Б.Э. ва О.М.га қилмишларига яраша узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.