Бизнесмен Фаттоҳ Шодиев томонидан асос солинган халқаро фонд Сирдарёни ривожлантириш учун 40 миллиард сўм ажратади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

9 апрель куни ушбу фонд делегацияси Сирдарё вилоятига ташриф буюрди ва вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев томонидан қабул қилинди.

Ажратиладиган маблағ Сирдарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, хусусан Сирдарё халқининг турмуш тарзини янада яхшилаш, ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари учун ажратилади.

Ажратилиши режалаштирилган маблағнинг қарийб 30 миллиард сўми вилоятнинг махсус ҳисоб рақамига келиб тушди.

Мазкур маблағлар «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилиши белгиланган вилоятнинг чекка қишлоқларини одобонлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини, автомобил йўлларини, оқова сув тизимларини мукаммал таъмирлаш бир сўз билан айтганда аҳолини турмуш тарзини яхшилаш учун йўналтирилади.

Шунингдек, маблағнинг бир қисми президент ташаббуси билан Ховос туманида барпо этилаётган «Xovos city» қурилишига сарфланиши кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Фаттоҳ Шодиев дастлабки иш фаолиятини Сирдарё вилоятидан бошлаган.