Америка Қўшма Штатлари Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлик қўмондони лавозимига денгиз пиёда қўшинлари генерали Кеннет Маккензи тайинланди. Аввал ушбу лавозимда генелар Жозеф Вотел фаолият кўрсатаётган эди.

28 март куни Тампда (Флорида) бўлиб ўтган тайинлаш маросимида АҚШ вазирлик ва маҳкамалар раҳбарлари ҳамда Марказий қўмондонлик масъул бўлган ҳудудларга кирувчи мамлакатлар, шунингдек коалиция вакиллари (жами 1000 га яқин киши) иштирок этди. Қатнашчилар орасида Ўзбекистон делегацияси ҳам бор эди, дея хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

АҚШ мудофаа вазири в. б. Патрик Шанахан истеъфога чиқаётган генерал Жозеф Вотелнинг АҚШ ҚК сафидаги қарийб 40 йиллик хизмати давомидаги хизматларини эътироф этди ва мураккаб вақтларда Марказий қўмондонликка раҳбарлик қилганини таъкидлаб ўтди.

Тўрт ярим йил давомида 74 давлат ва халқаро ташкилотлардан иборат коалиция таркибида Сурия ва Ироқда «Ислом давлати"ни йўқ қилиш бўйича халқаро операцияларни ўтказишдаги муваффақиятларини алоҳида қайд этиб ўтди.

Патрик Шанахан Марказий қўмондонликнинг генерал Вотел раҳбарлиги остида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш мақсадида «Толибон» ҳаракати ва ҳукумат ўртасида музокараларни йўлга қўйиш, афғон хавфсизлик кучларини ўқитиш, маслаҳат бериш ва ёрдам кўрсатиш, шунингдек Ямандаги гуманитар инқирозни ҳал этишдаги саъй-ҳаракатларини ҳам тилга олиб ўтди.

Кеннет Маккензи тайинловга қадар Афғонистонда Халқаро хавфсизликка кўмаклашиш кучлари қўмондонлик штаби бошлиғи ёрдамчиси вазифасида фаолият кўрсатган. У стратегик режалаштириш бўйича директор бўлган. 2017 йилдан Пентагонда Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси раиси сифатида фаолият кўрсатган.