Жорий йил 24 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарори табиий газ учун ўзаро ҳисоб-китоблар тизимини янада такомиллаштириш ва тарифларнинг кескин оширилишига йўл қўймаслик мақсадидақабул қилинди. Мазкур қарор билан газ таъминотига оид янги тартиб белгиланди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз"нинг телеграмдаги канали орқали хабар берилди.

Янги тартибга кўра, газ таъминоти биринчи навбатда маиший истеъмолчилар, оилавий корхоналар ҳамда стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга истеъмолчиларга етказиб берилади. Маиший истеъмолчилар бу маиший эҳтиёж (овқат тайёрлаш, иссиқ сув ва иситиш) учун табиий газдан фойдаланувчи аҳоли ҳисобланади.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, идоравий ва муниципал уй-жой фондига, юридик шахслар ётоқхоналарига ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига — аҳолини газ билан таъминлаш учун ҳамда локал қозонхоналарга- аҳоли эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган табиий газга маиший итеъмолчилар учун белгиланган тариф қўлланилади.

Белгиланган тарифлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги 897-сонли «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида"ги қарорига асосан табиий газ сотиш нархига 16 ноябрдан қуйидаги ўзгаришлар киритилган.

1. Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 8 ноябрдаги қарори илова рўйхатида келтирилган қуйидагиларга 1 метр куб газ учун — 1000 сўм;

1. Пишган ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналар.

2. Оҳактош ва гипс қазиб олувчи, қайта ишловчи ва ишлаб чиқарувчи корхоналар.

3. Цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар.

4. Асфальт, бетон, темир бетон маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар.

5. Иссиқхоналар ва иссиқхона-парник хўжаликлари.

6. Фарфор ва фаянс маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар.

7. Ресторанлар, кафелар, тантаналар ўтказиш объектлари ва бошқа умумий овқатланиш объектлари (меҳмонхоналар ва уларга тегишли бўлган ҳудудда жойлашган объектлар бундан мустасно).

8. Гипсокартон, тротуар ва керамик плита, брусчатка, керамик ва цемент-қумли черепица, қуруқ қурилиш қоришмалари, шунингдек, труба маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар.

2. Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 8 ноябрдаги қарори иловасидаги пишган ғишт, асфальт ва цемент ишлаб чиқарувчи (қуруқ усулда), энергия жиҳатидан самарали технологиялар ва ускуналарни жорий этган, ёқилғининг муқобил турлари (кўмир)дан фойдаланувчи корхоналарнинг «Энергияни тежаш миллий компанияси» АЖ, «Ўздавэнергоназорат» ДИ, «Ўзбекнефтгазинспекция» ДИ лари хулосаси мавжуд бўлса 1 метр куб газ учун — 600 сўм;

3. «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзкимёсаноат» АЖ, бюджет ташкилотлари ва барча улгуржи истеъмолчиларга 1 метр куб газ учун — 600 сўм;

4. АГНКС 1 метр куб газ учун — 800 сўм;

5. Маиший истеъмолчиларга1 метр куб газ учун:

газ ҳисоблагич мавжуд бўлганда — 320 сўм;

газ ҳисоблагич мавжуд бўлмаганда овқат тайёрлаш ва сув иситиш учун — 553 сўм,

бинони иситиш учун — 320 сўм;

Эслатиб ўтамиз:

6. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида тажриба тариқасида газ ҳисоблагич мавжуд бўлган маиший истеъмолчиларга 2019 йил 1 январидан 5 ойлик қиш мавсумида хар битта истеъмолчига — 1000 куб метр, бошқа ойларда — 250 куб метр ижтимоий норма белгиланган. Ижтимоий нормадан ортиқча истеъмол қилган ҳажм учун — 1,2 коэффициент белгиланган. 1 метр куб газ учун — (320 сўм*1,2) = 384 сўм.