Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида микро, кичик ва ўрта тадбиркорликни кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича янги лойиҳа амалга оширилади, дея хабар қилди Жаҳон банки (ЖБ) матбуот хизмати «Газета.uz"га. ЖБ гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки қарзи 200 млн долларни ташкил этади.

Лойиҳа доирасида Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида микро, кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга техник кўмак кўрсатиш ва кредитлар ажратилади. Қишлоқ жойларидаги тадбиркорларга ишлаб чиқариш ва сотиш занжирларини йўлга қўйишга ёрдамлашиш ҳамда ҳудуддаги шаҳар ва туманлар, шунингдек Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа иқтисодий марказларидаги бозорларга йўл очиш кўзда тутилган.

Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, ҳунармандчилик, қишлоқ жойларда аҳолига турли хизматларни кўрсатиш, туризм, кичик ҳажмдаги ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлар лойиҳа кўмагидан фойдаланиши мумкин.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Морининг таъкидлашича, Фарғона водийсида ҳозирда 49 мингга яқин микро ва кичик фирмалар ҳамда 84 минг хусусий фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда. ЖБ лойиҳаси улар бизнесининг кенгайиши, даромадлилик даражасининг ортиши ва маҳаллий тадбиркорлар саъй-ҳаракатлари билан 20 мингтагача янги иш ўринларини очиш имконини беради.

ЖБ маълумотларига кўра, 2017 йилда Ўзбекистондаги меҳнатга лаёқатли шахсларнинг 78 фоизи микро ва кичик корхоналарда ишлаган бўлса, 27 фоиз фуқаролар қишлоқ хўжалиги билан банд бўлган. Микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик сектори мамлакат ЯИМнинг 50 фоизга яқинини ташкил этади.

Лойиҳани амалга ошириш учун Фарғона водийсининг танланишига сабаблардан бири аҳоли зичлиги — бу ерда 10 миллионга яқин киши ёки мамлакат аҳолисининг тахминан 30 фоизи истиқомат қилади. Мамлакатдаги кам таъминланган фуқароларнинг 25 фоизи ҳам ушбу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади.

Жаҳон банки Ўзбекистонда умумий қиймати 3,4 млрд долларлик 19 та лойиҳани амалга оширмоқда. Улар макроиқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, шаҳар хўжалиги, сув таъминоти ва санитария секторларини яхшилашга қаратилган.