Туман ҳокимликлари захирасидаги лалми ва яйлов ер участкалари чорвачилик фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига ажратилади. Бу президентнинг 18 мартдаги қарорида кўзда тутилган.

Ер участкалари озуқабоп экинлар етиштириш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш мажбуриятлари билан тақдим этилади.

Чорвачилик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга озуқабоп экинлар етиштириш учун ҳар бир шартли бош чорва мол учун 0,5 гектардан туман ҳокимликлари захирасидаги лалми ва яйлов ер участкаларини 2 йил муддатда ҳақиқий даромад манбаига айлантириш шарти билан доимий ёки узоқ муддатли ижарага берилади.

Мазкур фуқаролар ушбу бандда кўрсатилган тартибда ажратилган ер участкаларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ҳамда наслли чорва моли сотиб олиш учун «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида имтиёзли кредитлар олиши мумкин.

Ер участкалари ва кредитлар Шавкат Мирзиёевнинг 7 мартдаги қарори асосида ташкил этилган «Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари"нинг тавсиясига асосан тақдим этилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидаги «OʻZNASLCHILIK» давлат корхонаси томонидан эксперимент тариқасида 2019 йилда Қашқадарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги барча тоифа хўжаликларда наслчилик, шу жумладан, сунъий уруғлантириш ва сервис хизматлари кўрсатиш ташкил этилади.

Ҳужжат билан асаларичилик субъектлари асалари оилаларини «вақтинча олиб чиқиш» божхона режимида қўшни мамлакатларга кўчириб чиқариши натижасида йиғиб олган табиий асални (ТИФ ТН коди 0409 00 000 0) республика ҳудудига олиб киришда божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилди.