Президент Шавкат Мирзиёевнинг 7 мартдаги қарорига биноан, Тошкент шаҳри ва барча ҳудудларда Оилавий тадбиркорликни қўллаб-кувватлаш марказлари ташкил этилади.

«Аҳолининг меҳнат орқали даромад топишга бўлган қизиқишини кескин ошириш, айниқса муҳтож оилаларнинг ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолиятини, шунингдек, ҳудудларда фойдаланилмаётган биноларда ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни, аҳоли томорқалари ва бўш экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш билан боғлиқ лойиҳаларни имтиёзли шартларда молиялаштиришни тизимли равишда давом эттиришни тақозо этмоқда», — дейилади ҳужжатда.

Қарор билан ўтган йил ёзидан буён амалга ошириб келинаётган «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида назарда тутилган лойиҳалар ва тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда халқаро молия институтлари кредит линиялари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди. Имтиёзли кредитлар оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига йиллик 8 фоиз ставкада 3 — 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.

Аҳолига имтиёзли кредитлар «Ҳар бир оила — тадбиркор» ва «Ёшлар — келажагимиз» мақсадли дастурлари бўйича оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари орқали тақдим этилади.

Товарлар (хизматлар) шартнома асосида келишилган нархда етказиб берилгандан (хизматлар кўрсатилгандан) ва лойиҳа эгаси ундан қаноатланиш ҳосил қилганидан сўнг ажратилади ва маҳсулот етказиб берувчи (хизмат кўрсатувчи)нинг ҳисобрақамига ўтказиб берилади.

Бир ой муддатда барча туман (шаҳар)ларда аҳоли ва муҳтож оилаларни фойдали меҳнатга жалб этган ҳолда экспортбоп, бозор талабига тўлиқ жавоб берадиган қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш жараёнини қамраб олган кластер тизимини кенг жорий этиш бўйича аниқ чораларни ишлаб чиқиш топширилди.

Ҳар бир маҳалла ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда «бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида муайян бир йўналишга ихтисослашади.