Янги Зеландиянинг Крайстчер шаҳридаги иккита масжидга ҳужум уюштирилди. Дастлабки маълумотларга кўра, 40 киши ҳалок бўлди, 30 га яқин инсон жароҳатланди, дея хабар қилди CNN телеканали.

Қуролланган шахслар Линвуд ва Динс-авенюдаги масжидларга жума намози ўқилганидан сўнг бостириб кириб, ўқ отишган. Ҳужум вақтида биноларда бир неча юз киши бўлган. Ҳужум қилганлардан бири воқеаларни ижтимоий тармоқда онлайн эфирга узатиб турган, бироқ полиция кейинроқ ёзувни ўчирган ва фойдаланувчилардан уларни тарқатмасликни сўради.

Полиция комиссари Майк Буш отишмадан кейин масжид яқинидаги машиналарда бир неча қўлбола бомбалар топилганини маълум қилди.

Бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакат бош вазири Жасинда Ардерн ҳодисани теракт ва мамлакат тарихидаги энг қора кунлардан бири деб атади.

Шаҳар маркази қуршаб олинган, ҳаво ҳудуди ҳам назорат остида. Фуқаролардан уйларини тарк этмаслик сўралган, барча мактаблар эҳтиёт юзасидан ёпилган.

Полиция ҳужумга алоқадорликда гумон қилиб тўрт киши ҳибсга олди, уларнинг бири аёл киши. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мамлакат ҳукумати ушбу босқичда жиноятчиларнинг эҳтимолий мақсадлари ва мазкур ҳодиса сабаблари муҳокама қилинмаслигини маълум қилди.