Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар маъмурий судида 12 март куни «Янгиобод» туристик базасининг олиб қўйилиши тўғрисидаги иш бўйича суд жараёни бошланди. «Янгиобод. Чотқол марвариди» ери вилоят ҳокимлиги томонидан олиб қўйилмоқда, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Маъмурий иш судья Ҳусан Ҳамидов томонидан кўриб чиқилмоқда. Турбаза ҳуқуқшуноси Азимжон Раҳматов даъвогар сифатида иштирок этиб, Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимовнинг «Янгиобод» турбазасининг олиб қўйилишини кўзда тутувчи 2019 йил 25 январдаги 53-сонли қарори тўлиқ қонуний кучга эга эмаслиги ҳамда у турбаза ҳуқуқ ва манфаатларини бузаётгани тан олинишини талаб қилмоқда. Жавобгар томон судда иштирок этмади.

Даъвогарнинг қайд этишича, Тошкент вилояти ҳокими қарорини қабул қилишда Ўзбекистон Ер кодексининг 37-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 25 майдаги 97-сонли қарори, аниқроқ айтганда, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйилишида ердан фойдаланувчи билан олдиндан келишувга эришиш тартиблари бузилган.

Бундан ташқари, ҳоким қарорида ер участкаси айнан қайси мақсадларда олиб қўйилаётгани кўрсатилмаган.

«Тошкент вилояти ҳокими мулкдорлар, шунингдек манфаатдор ташкилотлар ва идоралар билан ер участкасини олиб қўйишни очиқ муҳокама қилиш бўйича мажбурий жараёнларни инкор қилган ҳолда ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорни қабул қилган», — деди ҳуқуқшунос.

«Янгиобод. Чотқол марвариди» директори Али Тўхтаев 7 март куни судга мурожаат қилди. У вилоят ҳокимининг ерни олиб қўйиш тўғрисидаги қарори ижросини даъво судда кўрилгунга қадар тўхтатишни сўради. У ҳоким қарорида компания фойдасига қайд этилган мажбуриятлар ҳали бажарилмагани, шу муносабат билан турбаза манфаатларига реал жиддий хавфлар борлигини кўрсатиб ўтди.

Судья Ҳусан Ҳамидов компания манфаатларига реал хавфлар йўқ эканини таъкидлаб, даъвони қаноатлантирмади.

Навбатдаги суд мажлиси 19 март куни бўлиб ўтади.

«Газета.uz» февраль бошида турбаза атрофидаги вазият тўғрисида ёзган эди.