Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳрида аёл киши ўлдириш ва унинг ўғлига оғир тан жароҳатларини етказганликда айбланаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Бўстонлиқ тумани ИИБ навбатчилик қисмининг хабарига кўра, 28 февраль куни соат 22:40 ларда Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳрида яшаган 39 ёшли И.У.нинг мурдаси ўз ётоқхонасида турли тан жароҳатлар билан топилган. Марҳуманинг 15 ёшли ўғли танасининг турли жойларида кесилган-санчилган оғир тан жароҳатлари билан топилиб, туман кўп тармоқли марказий шифохонасига юборилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 1 март куни Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а», «ж» банди (икки ёки ундан ортиқ шахсни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари натижасида фуқаро Н.А. ушбу жиноятни содир этишда гумон қилиниб, 1 март куни ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

2 март куни Н.А.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «а», «ж» бандлари, 164-моддаси 2-қисми «а» банди билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича Тошкент вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговнинг бориши устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилди.