7 март куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон триатлон федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Унда МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон триатлон федерацияси раҳбарияти ва мутасаддилари, ҳакамлар, спортчилар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон триатлон федерацияси томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» амалий спорт турлари маркази директори Шавкат Исматуллаев ҳисобот берди.

Сўнг кун тартибидан ўрин олган энг асосий масала федерация раиси ва унга биринчи ўринбосар сайлаш жараёнига ўтилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси лавозимга Отабек Муҳаммадалиевич Умаров номзоди илгари сурилди.

Конференция иштирокчилари бир овоздан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашларини маълум қилдилар. Шу тариқа, Отабек Умаров Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси лавозимига сайланди. Қолаверса, Отабек Умаровнинг биринчи ўринбосари лавозимига собиқ спортчи, триатлон бўйича кўплаб халқаро мусобақалар иштирокчиси, ҳозирда тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган Фаррух Носиров номзоди илгари сурилиб, бу инсон ҳам бир овоздан янги лавозимга сайланди.

Йиғилиш давомида МОҚ раҳбари Умид Аҳмаджонов ҳам триатлон спортининг фаолиятига тўхталиб ўтди.

Шунингдек, конференция давомида МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов, триатлон бўйича Осиё кубоги кумуш медали соҳиби Шоҳруҳ Юнусов сўзга чиқиб ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Шу тариқа, Ўзбекистон триатлон федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.