Наманган вилоятига ташриф чоғида президент кортежи кутилмаганда Тўрақўрғон тумани деҳқон бозори ёнида тўхтади. Давлат раҳбари халқ ичига кириб бориб, одамлар билан самимий мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор қилиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш йўлидаги ислоҳотлар халқ билан бамаслаҳат давом эттирилишини таъкидлади. Жумладан, Наманган вилоятининг ҳар бир туманига катта миқдорда инвестициялар киритиш, янги корхоналар, санаторийлар, мактаблар қуриш, ишчи жойлар яратиш бўйича улкан лойиҳалар бошланганини айтиб ўтди.

Одамлар президент ташрифидан бениҳоя хурсанд бўлиб, ислоҳотлар натижалари ҳар бир соҳада сезилаётганини билдирди. Наманган вилояти, умуман, мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик изҳор этди.