Самарқанд шаҳридаги Кафтархона кўчасида вақтинча жойни ижарага олган ҳолда нқонуний авиакасса фаолиятини юритиб, фуқароларлир чув туширган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ИИБ транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими катта терговчиси Анвар Дониёров «Зарафшон» газетасига маълум қилди.

Ш.Алиқулова Россияга бориш учун зарур тайёргарликни кўрди, аввало, чипта сотиб олиб, сўнг нарсаларини жойлаштирди. Белгиланган вақтда яқинлари, қариндошлари билан хайр-хўшлашиб, аэропортга келиб, чипталарни расмийлаштириш бўлимига келганида чиптанинг қалбаки экани маълум бўлди.

Ўша куни учиб кета олмаган Ш.Алиқулова дарҳол бу ҳақда ички ишлар бўлимига хабар қилади.

Чипта сотиб олинган жой, яъни Самарқанд шаҳридаги Кафтархона кўчасида бу пайтга келиб авиакассанинг изи ҳам йўқ эди. Суриштирув натижаларига кўра, фирибгарлар вақтинча жойни ижарага олиб, авиакасса сифатида бирмунча вақт фаолият кўрсатган.

Тезкор тадбирлар натижасида фирибгарларнинг шахси аниқланди. Улар 24 нафар фуқарога Туркия ва Россия давлатларига авиачипта сотишга улгурган.

Айни кунда тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда. Жабрланувчиларга пулларини қайтариш ишлари олиб борилмоқда.