Юқори профессионал ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорлигида бутунлай янгича кўриниш ва мазмундаги малака ошириш тизими жорий этилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу тизим Ўзбекистон президентининг 2018 йил 28 ноябрь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида берган топшириқлари асосида жорий этилди.

25 февраль куни университетда мазкур ўқув курсларининг биринчи тингловчилари қабул қилиниб, уларнинг малакасини ошириш борасида амалий ишларга киришилди.

«Малака ошириш курслари давомида университетнинг малакали профессор-ўқитувчилари ва юртимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларининг етакчи олимлари томонидан назарий ва амалий машғулотлар ўтказилади. Ушбу курсларни тамомлаган офицерларимиз қўшинларда жорий этилган янги тарбиявий ва мафкуравий ишлар тизимини самарали ва таъсирчан ташкил этишга, ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий билими ва интеллектуал салоҳиятини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшади», — дейди ўқув курсининг очилиш маросимида иштирок этган мудофаа вазири ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов.

15 кун давом этадиган ўқув курсларида шу йилнинг февраль ойидан 2020 йил июнь ойига қадар 3 босқичда, жами 600 нафарга яқин тарбиявий ва мафкуравий ишлар органи офицерлари таҳсил олиши режалаштирилган.