22 февраль куни Тошкент вилояти, Қибрай туманида жойлашган электр станциясида ёнғин содир бўлганлиги сабабли сув узатиш қурилмалари (насос) иши тўхтаган, дея хабар қилди Тошкент ҳокимияти матбуот хизмати.

Шу боис, ҳозирда Тошкент шаҳрининг туманларида сув босимининг пасайиши ва айрим туманларда узилишлар содир бўлиши мумкин.

Совуқ сувнинг вақти-вақти билан ёки доимий узилаётгани, босимининг пасайгани тўғрисида жума куни эрталабдан Facebook ижтимоий тармоғида Тошкентнинг турли ҳудудлари, жумладан Юнусобод, Дархон, Олой бозори, «Космонавтлар» ва «Ойбек» метро станциялари яқинидаги уйларда истиқомат қилувчи аҳоли хабар қилди.

Айни вақтда ёнғин бартараф этилган. Таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Пойтахт маъмурияти ноқулайлик учун узр сўради.

«Газета.uz"нинг Тошкент ҳокимияти матбуот хизматидан аниқлик киритишича, шаҳарга сув етказиб берувчи насосларни электр энергияси билан таъминловчи Қодирий ГЭСга қарашли подстанцияда ёнғин содир бўлган. Сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар пойтахтнинг қарийб барча туманларида кузатилган, бироқ узилишлар турлича кўринишда — бир ерда сув тўлиқ ўчган бўлса, баъзи ҳудудларда унинг босими пасайган.

Ёнғинда электростанциянинг икки нафар ишчиси жароҳатланди, дея хабар қилди Ўзбекистон ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси «Газета.uz"га. Улар носозликни бартараф этиш учун чироқ ёқилмаган подстанциянинг ички қисмига киришган. Ишларни якунига етказгандан кейин чироқни ёқишган, шунда уларни ток уриб, отиб юборган. Шундан ёнғин бошланган. Ишчилар шифохонага ётқизилган.

Марказий диспечерлик бошқармасига ёнғин ҳақидаги хабар 8:16 да келиб тушган. Аланга тарқалиши 8:46 да бартараф этилиб, 9:08 да тўлиқ ўчирилган. Подстанциянинг ички қисми, кабеллар ва электр ускуналарга зарар етган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, таъмир ишлари кун охирида ёки эртага эрталабга қадар якунига етади.

Фото: ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси.