Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан январь ойида ўтказилган профилактик тадбирларда жами 254 млн 300 минг сўмлик акциз маркаси мавжуд бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдога қўйилганлиги аниқланиб, қонуний чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Бу ҳақда пойтах ДСБ матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Жумладан, Яшнобод тумани Содиқ Азимов кўчасидаги бекатда жойлашган савдо дўконида ўтказилган профилактик тадбир жараёнида акциз маркаси мавжуд бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган жами 11 турдаги 2 млн 99 минг сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди.

Шунингдек, Яккасарой тумани Кичик Бешёғоч кўчаси 132а-уйда жойлашган савдо дўконида хорижда ишлаб чиқарилган 97 турдаги, умумий қиймати 124 млн 624 минг сўмлик акциз маркасиз алкоголь ва 19 турдаги 5 млн 526 минг сўмлик тамаки маҳсулотлари ноқонуний равишда савдога қўйилганлиги аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан «Солиқ хизмати — инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори» деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариш юзасидан ўтказилаётган бу каби профилактик тадбирлар давом эттирилади, дейилади хабарда.