Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндаси, олим ва шоир, шоҳ ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 536 йиллиги муносабати билан адабий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғда Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ҳиндистон, Бангладеш, Қирғизистон давлатларидан ташриф буюрган меҳмонлар, Ўзбекистонда ва хорижда фаолият олиб бораётган бобуршунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ва бошқалар мамлакатимизда буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг ижодий меросини ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш, асарларида илгари сурилган эзгу ғояларни кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.