«Лолазор» маҳалласи ҳудудида жойлашган 3 қаватли турар-жойларни бузиш ва ўрнига кўп қаватли турар-жойларни қуриш учун Тошкент шаҳри ҳамда Миробод тумани ҳокимлиги томонидан тадбиркорларга бериш тўғрисида ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган. Бу ҳақда сешанба куни пойтахт ҳокимияти расман маълум қилди.

«Газета.uz аввалроқ маҳалла аҳолиси билан учрашувда қурилиш ташкилоти уйларни бузиш ҳамда бу ерда янги турар жойлар қуриш режаси ҳақида маълум қилингани тўғрисида хабар берган эди.

«Лолазор» маҳалласидаги уч қаватли уй.

Ҳокимият ўз хабарида шаҳар маъмурияти ҳузурида ўтказилаётган «Инвестор куни» тадбири доирасида тадбиркорлар томонидан мазкур ҳудуднинг ички қисмида жойлашган 2 қаватли, тарихий аҳамиятга эга бўлмаган 27/3, 27/3а, 27/3б, 27/3 В, 27/4-сонли уйларни бузиш ва ўрнига янги турар-жой комплекси қуриш таклифи билдирилганини таъкидлаб ўтди.

«Лолазор» маҳалласидаги икки қаватли уй.

Эҳтимолий қурувчи ташкилот тақдим этган лойиҳада эса бешта эмас, балки кўпроқ икки қаватли уйларни бузиш кўзда тутилганини кўриш мумкин эди.

Аҳолига кўрсатилган лойиҳа.

«Кўп қаватли турар-жойларни бузиш бўйича қарор қилиш ушбу уйларда яшовчи аҳолининг тўлиқ розилиги олинганидан сўнггина амалга оширилади ва ушбу масалада фуқароларимиз қонуний ҳуқуқлари тўлиқ кафолатланади», — дея ишонч билдириб ўтди ҳокимият.

Қайд этиш жоизки, Миробод ҳокимияти ўзининг шанба кунги баёнотида маҳалладаги уйларни «пойтахт ҳуснига тушган доғ» деб атаган эди.