Жорий йилнинг 24−25 январь кунлари ЎФА ва ПФЛ мутасаддилари Туркияга сафар уюштириб, у ерда Туркия футбол федерацияси раҳбарияти билан учрашув ўтказган эди. Учрашув давомида икки мамлакат футболи ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва тажриба алмашиш бўйича келишувга эришилганди. Мана шу келишув асосида туркиялик Эржан Булут Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциациясида жамоатчи вакил сифатида иш олиб боради. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

У икки мамлакат спорти, хусусан, футболи борасида ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар, лойиҳалар ва бошқа масалаларда вакил сифатида ишлайди.

Туркия ва Ўзбекистон ўртасида спорт соҳасида ҳамкорлик қилиш, тажриба алмашиш, икки мамлакат футболи ўртасида яқин алоқаларни йўлга қўйиш, терма жамоалар, клублар ўртасида ўртоқлик ўйинлари ташкил қилиш ва бошқа шу каби режаларни амалга оширилишига кўмак беради.

Маълумот учун, Эржан Булут 1970 йил 13 октябрда Анқара шаҳрида таваллуд топган. Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари уюшмаси кенгаши раиси, «Ziraat Bank» кенгаши маслаҳатчиси, Ўзбекистон ва Туркия Ziraat Finans Group координатори ҳисобланади.