Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти Комилжон Рўзиев МОҚнинг Япониядаги маслаҳатчиси Мансур Баҳриддинов билан Токио жисмоний тарбия университетига ташриф буюриб, ушбу ўқув юрти президенти Кеничи Мацунами билан кўришди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Мацунами меҳмонларни қабул қилишдан мамнунлигини қайд этар экан, Токио жисмоний тарбия университети олимпиада чемпионларини тайёрлаш маскани эканлигини алоҳида таъкидлади. Университет битирувчилари ичида гимнастика, шунингдек жамоавий спорт турлари бўйича вакиллар кўпчиликни ташкил этади.

Томонлар учрашув давомида ўзбекистонлик спортчиларни баскетбол, волейбол каби жамоавий спорт турларида муносиб тайёрлаш, бу борада университет мутахассислари билан ҳамкорлик қилиш масалаларида фикр алмашдилар. Ўз навбатида жаноб Мацунами ушбу ҳамкорликдан хурсанд бўлишини айтиб ўтди.