Тошкент ҳайвонот боғи ҳудудида «Акванариум», «Сафари парк» ва ветеринар лаборатория қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги тайёрлаган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида сўз боради.

Уларни ташкил этиш учун давлат-хусусий шерикчилик асосида инвесторларни жалб қилиш таклиф этилмоқда. Ҳамкорлик бўйича таклифлар 1 майга қадар тақдим этилиши лозим.

2024 йилда Тошкент ҳайвонот боғининг 100 йиллиги муносабати билан пойтахтда Евроосиё ҳайвонот болари ва аквариумлари минтақавий ассоциациясининг (ЕАРАЗА) кенгайтирилган учрашуви ўтказилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 20 майдаги қарори билан 2016−2020 йилларда Тошкент ҳайвонот боғини ривожлантириш концепцияси тасдиқланган эди. Ҳужжатда дунёнинг етакчи ҳайвонот боғлари намуналари бўйича коллекцияларни кенгайтириш учун мавжуд вольерларни реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш кўзда тутилган.

Концепция фауна, зоология, зоомуҳандислик лабораторияларини ўз ичига олган илмий мажмуа барпо этиш, ветеринар клиника техник базасини мустаҳкамлаш ва уни электрокардиограф, ультратовуш сканери, наркоз-нафас олиш ускунаси, лаборатор анализаторлар, эндоскопик ва рентген қурилмалари билан таъминлаш кўзда тутилган.