Жорий йилнинг 16−23 январь кунлари Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳрида анъанавий каратэ бўйича ўтган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 11 олтин, 9 кумуш, 7 бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида терма жамоани вазирлик ва идоралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, спорт мухлислари тантанали равишда кутиб олди.

Ҳиндистонда ўтган нуфузли мусобақада қитъанинг 11 давлатидан келган каратэчилар совринли ўринлар учун баҳслашди. Унда иштирок этган Жаҳонгир Абдуваҳобов, Музаффар Ҳожиев, Ҳожиаҳрор Иброҳимов, Меҳрожиддин Жалолов, Умархон Муҳаммадиев, Санжар Улашев, Омина Сулаймонова ўз вазн ва йўналишларида ғолибликни қўлга киритган бўлса, Тоштемир Пўлатов ва Нодирхон Солиев икки йўналиш бўйича олтин медалга эга бўлди.