Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан гиёҳванд моддани олиб ўтиш билан боғлиқ ҳаракат тўхтатилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, «Айритом» чегара божхона пости орқали қўшни давлатдан Ўзбекистонга кириб келган фуқаро А.С. гиёҳвандлик воситасини олиб ўтишни янги усулини «кашф» этмоқчи бўлди. Бироқ, унинг бу «кашфиёти» иш бермади.

Унга тегишли «ESSE» номли сигаретанинг ичида 0,21 грамм «гашиш» гиёҳвандлик моддаси жойлаштирилганлиги аниқланиб, божхона ходимлари томонидан ўз вақтида фош этилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.