Тошкент ички ишлар органлари ходимлари 3000 га яқин махсус хизмат смартфонлари билан таъминланади. Бу ҳақда пойтахт ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев сешанба куни бўлиб ўтган брифингда «Газета.uz"га маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, фуқаролар билан энг кўп мулоқотда бўлувчи профилактика инспекторлари ва пост-патруль хизмати ходимлари техник қурилмалар билан таъминланади.

Artel смартфонларига шахсни аниқлаштириш ва автомобил рақамларини текшириш учун махсус дастур ўрнатилади. Унинг ёрдамида судланганлик, қидирув, бедарак йўқолганлик ёки бошқа маълумотларни тезкорлик билан аниқланади.

Бундан ташқари, Minor мессенжери — Telegram аналоги ҳам ўрнатилади. Мазкур мессенжер орқали ходимлар фавқулодда ҳодиса жойидан фотосуратлар, аудио ва видеофайлларни юбориш, шунингдек мураккаб вазиятларда шахсий таркибни огоҳлантириш имконига эга бўлади.

GPS-трекерлар инспекторларнинг фақат муайян ҳудудда фаолият олиб бориши устидан назорат ўрнатишга ёрдам беради.

Рустам Жўраевнинг таъкидлашича, авваллари шахсини аниқлаштириш учун ИИО бўлинмаларига ҳар куни ўртача 2500 киши олиб келинган. Синов босқичида смартфонлар ёрдамида бу кўрсаткични 500 тага қадар камайтиришга эришилди.

«Ҳозирда профилактика инспекторлари ва ППХ ходимлари учун смартфонлар тайёр. Тез орада уларни тарқатишни бошлаймиз», — деди ИИББ бошлиғи.

ИИББ бошлиғи ўринбосари — жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғи Азизхон Умархоновнинг таъкидлашича, смартфонлардан фойдаланиш йўлга қўйилганидан кейин фуқароларни шахсни тасдиқлаш учун участкаларни олиб бориш амалиётига барҳам берилади.