Давлат дастурига асосан коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмларини яратиш назарда тутилган. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Хусусан шу мақсадда 2019 йил 1 апрелга қадар ишлаб чиқилиши лозим бўлган ҳужжатларда қуйидагилар назарда тутилади:

Олий Мажлис палаталарида коррупцияга қарши курашиш қўмиталарини ташкил қилиш;

коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай хизматларни рақамлаштириш, уларни «ягона дарча» тамойили асосида бериш ва давлат хизматлари марказларига ўтказиш;

коррупция ҳолатларини аниқлашга ёрдам кўрсатувчи «холис фуқаро» тизимини жорий этиш, бунда жамоатчилик назорати ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ролини ошириш;

ҳуқуқбузарликлар ва уларга шароит яратувчи омиллар ҳақида хабар беришга имконият яратувчи ягона портални ташкил этиш ва ишга тушириш;

давлат ва хусусий сектор ўртасидаги муносабатларнинг шаффофлигини таъминлаш;

пора берилиши ҳақида хабар қилган давлат хизматчилари, шунингдек коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳақида тасдиқланган хабар берган шахсларни рағбатлантириш механизмларини яратиш;

коррупцияга қарши курашиш комиссияларининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш;

коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш, халқаро ташкилотлар, шу жумладан ИҲТТнинг коррупцияни олдини олишга оид тавсияларини ҳар томонлама кўриб чиқиш ва амалга ошириш.